Клуб тарихи

Ўзбекистоннинг металлургия соноати маркази ҳисобланган Тошкент вилоятининг Олмалиқ шаҳри 1951 йилда ташкил қилинган.

1958 йил Олмалиқ шаҳрида оммавий футболнинг кескин ривожланиш даври бўлди. Шаҳар биринчилиги “Горняк” шаҳрида ўтказилди. Унда етти жамоа – “Қўрғошинкон”, “Проммонтаж”, “Стальмонтаж”, “СУ-4”, “СУ-5”, “АТК-14” ва “Строитель” жамоалари иштирок этишди. “Қўрғошинкон” жамоаси сафида ака-ука Ризо ва Суюм Валиевлар, Владимир Сурпин, Виктор Трубач, Геннадий Ли, Виктор Ким, Анатолий Куц, Евгений Ногай, Геннадий Студенко, Гумар Калимуллин, Обил Ғаффоров, Зиёр Усаинов, Юрий Модера, Анатолий Хаустовлар ўйнашди. «Проммонтаж» сафида эса Валерий Потатуев, Роберт Валиулин, Борис Мищеряков, Валентин Кононов, Михаил Фабарисов.

«Проммонтаж» жамоасига Яков Капров ва Виктор Копецлар мураббийлик қилишди. «Қўрғошинкон» ва «Проммонтаж» жамоалари вилоят ва республика мусобақаларидан иштирок этиб, бир неча марта соринли ўринларни эгаллашган. Саноатнинг ривожланиши ва шаҳарнинг кенгайиши билан янги қурилган “Октябрнинг 40 йиллиги” стадиони муҳим аҳамият касб этди. Шаҳримизга профессионал мураббийлар – Яков Капров ва Эдуард Вертоградовларнинг ташрифи билан болалар ва ўсмирлар футболи ҳам ривожлана бошлади. Яков Капровнинг шогирдлари - Сергей Ушаков, Анатолий Прутов, Рифат Галлиев Собиқ иттифоқ чемпионатининг усталар жамоаларида тўп сурдилар. Рифат Галиев Красноярск шаҳрининг “СК” жамоасида ўйнади. Кейинчалик эса мураббий ва жамоа бошлиғи сифатида фаолият олиб борди. 1965 йилда Олмалиқ шаҳрининг ўсмирлар жамоаси Капров қўл остида Ўзбекистон чемпиони унвонини қўлга киритди. Ўша пайтда жамоа сафида Роберт Тен, Зиё Юнусов, Юрий Гребенкин, Владимир Владислав, Валерий Пак, Владимир Фомин, Михаил Лебедев, Анатолий Захаров, Петр Чумихин, Сергей Смородников каби футболчилар ўйнаганди.

Олмалиқ шаҳрида футболнинг ривожланишида “Қўрғошинкон” кони директори ва кейинчалик комбинат директори бўлган П.С.Поклонскийнинг хизматлари беқиёс бўлган. Комбинат директора П.С.Поклонскийнинг билвосита иштироки билан комбинат жамоаси Собиқ иттифоқ “Б” класси усталар жамоаси биринчилигида иштирок этди. Жамоада маҳаллий футболчилар: Р.Валиулин, В.Пак, Р.Тен, Ю.Гребенкин, З.Юнусов, А.Захаров, В.Копцев, А.Шумкин, С.Ушаков, С.Прутов.

Юрий Наймушин ОТМК жамоасида бош мураббий бўлиб ишлаган пайтида унинг қўл остида Александр Осташев, Мустафо Саидосанов, Владимир Сухенко, Александр Махорин, Сергей Медянский, Семен Ким, Иззат Саидосанов, Андрей Медянский, Юрий Ишков, Вильен Ваниев, Владимир Тахтаров каби футболчилар клуб шарафини ҳимоя қилдилар.

“Металлург” илк марта 1965 йилда ўзининг биринчи совринини қўлга киритди. Олмалиқлик футболчилар ўз гуруҳларида 3-ўринни эгаллаб, Ўзбекистон чемпионатининг финал қисмида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритдилар. Унда ҳам олмалиқликлар муваффақиятли тўп сурган ҳолда, рақиблари дарвозасига 40 та тўп киритиб, ўз дарвозаларидан 18 тагина тўп ўтказиб юбориб, 5-ўринни эгалладилар. Кам тўп ўтказиб юбориш бўйича 2-ўринни олган Димитров колхози жамоасидагина ортда қолдилар.

1966 йилда Ўрта Осиё ва Қозоғистон зонаси ташкил қилиниши муносабати билан “Металлург” иттифоқ чемпионатининг “Б” классида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди.

1969 йилда эса жамоа сўнгги ўринлардан бирини эгаллаб, иттифоқ чемпионатидаги ўз ўрнини йўқотади.

1986 йил эса катта муваффақиятлар йили бўлди. “Металлург” Ўзбекистон чемпионатида 2-ўринни эгаллади ва “Хива” жамоасининг тарқатиб юборилиши муносабати билан, жамоа собиқ иттифоқ 2-лигасида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди. Жамоа 1987 йилда иттифоқ чемпионати 2-лигасининг 7-зонасида қатнашди. Унда “Металлург” сафида қуйидаги 30 нафар футболчи ўйнади: Дарвозабонлар: Н.Котиков, Е.Кондаленко. Ўйинчилар: Р.Юсупов, А.Дитрих, В.Ким, В.Иопенко, В.Кучеров, Т.Абибуллаев, А.Туронов, И.Милопуло, С.Жумахонов, Н.Сагитов, С.Кондратенков, Ф.Назаров, О.Филипов, А.Саламахин, Ф.Юсупов, С.Смирнов, А.Асташов, Б.Рустамов, С.Бамбуров, В.Брагинец, В.Королев, С.Кармазин, А.Грунин, А.Ким, Ю.Исмоилов.

“Металлург” 1988 йилда қайта ташкил қилинди. СССРда хизмат кўрсатган спорт устаси Александр Николаевич Аверьянов бош мураббий этиб тайинланди. Жамоа бошлиғи этиб эса ўзбекистонда хизмат кўрсатган мураббий Добин Иннокентьевич Шегай тайинланди.Жамо таркибига эса Андрей ва Сергей Медянскийлар, Сергей Чачин, Николай Букин, Асхат Жалолов, Юрий Новосельцев, Александр Аверьянов, Виктор Журов, Николай Ермоленко, Николай Правосудов, Федов Назаров, Виктор Брагинцев, Вячеслав Ким, Рашид Юсуповлар киритилган бўлса, А.Б.Наймушин ва В.Стецколар мураббийлар штабида фаолият олиб бордилар.

1989 йилда “Металлург” иккинчи лигани тарк этди.

1990 йилда футбол бўйича мусобақалар ОТМК ичида ташкил қилинди.

10 йил давомида болаларни тайёрлаш марказий секцияда В.Тахтаров, Ф.Юнусов ва Д.Хабибуллаевлар мураббий бўлиб ишладилар.

2003 йилда 3 та ёшдаги гуруҳларда “Металлург” СК биринчи ўринни қўлга киритди.

2004 йилда Олмалиқ тоғ-металлургия комбинати раҳбариятининг бевосита иштироки билан 1-лигада аолият олиб борувчи ОТМК клуби ташкил қилинди. Ўзбекистон чемпионати 1-лигасига якунларига кўра ОТМК клуби “Шарқ” минтақасида 6-ўринни қўлга киритди.

2005 йилда эса жамоа 18 жамоа орасида 10-ўринни эгаллади.

2006 йилда ОТМК чемпионат якунига кўра 6-ўринни қўлга киритди.

2007 йил биринчи лига баҳсларини ижобий натижалар билан бошлаган жамоанинг иккинчи даврада бироз омади юришмади ва мавсумни 14-ўрин билан якунлади.

2008 йил олий лигада юзага келган баъзи ўзгаришлар сабаб, молиявий жиҳатдан элитада иштирок эта оладиган ОТМК махсус қарорга биноан кучлилар сафига киритилди. Жамоа дебют мавсумини ишончли ва мазмунли ўтказди. Олий лигада 11-ўрин билан якунлаган кончилар, мамлакат кубогида ярим финалга қадар етиб боришди.

2009 йил эса клуб тарихида ўчмас из қолдирадиган бўлди. Жамоа мавсумни муваффақиятли ўтказиб, 4-ўринни эгаллади. Жамоа бош мураббий Игорь Шквирин йилнинг энг яхши мураббийи дея тан олинди.

2010-2011 йилларда таркибни асосан ёшлар билан тўлдирган Игорь Шквирин ўнинчи ва ўн биринчи ўринлар билан чекланган бўлсада, жамоа таркибида бир қатор футболчилар мамлакат терма жамоаларидан таклиф олишди. Носир Отақўзиев эса 13та гол билан 2010 йилда олий лига тўпурарлигини қўлга киритди.